18 июнь куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Чирчиқ шаҳрида Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли «Нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар» бўйича илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасида «Ишлаб чиқаришни ривожлантиришда инновацион илмий-технологик марказларининг роли ва аҳамияти» мавзусидаги илмий амалий анжумани бўлиб ўтди. Семинарда Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Олмалиқ кон-металлургия комбинати мутасаддилари, илмий-тадқиқот муассасалари олимлари, мутахассислари қатнашдилар. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

— Корхонамиз олдига Олмалиқ ва Навоий кон-металлургия комбинатларининг чиқиндилари таркибидаги нодир металларни ажратиб олиш вазифаси қўйилган, — деди Олмалиқ кон-металлургия комбинати бош муҳандисининг илм-фан бўйича ўринбосари. — Ҳозирда мана шу икки йирик корхона фаолияти давомида йиғилиб қолган 1,5 миллиард тонна, уларда 20 хил нодир металл борлигини биламиз. Рудий, палладий, индий, рутин каби нодир металларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйишда Илмий-технологик марказ олимлари, мутахассислари тадқиқотлар олиб боришади. Бу ишларни амалга ошириш учун 10 нафар мутахассисимизнинг Кореяда билимларини ошириш учун таълим олишлари режалаштирилган.

Нодир металлар телевизор, мобил телефонлар, компьютер ишлаб чиқаришда зарурдир. Нодир металлар шу жиҳозларни яратишда жуда кам миқдорда ишлатилади, аммо улар ўз номига яраша — нодир бўлгани учун ҳам табиатда кам учрайди. Бир тонна рудадан 100 грамм нодир металл олинади, шунинг учун ҳам нодир металлар кўп миқдорда олинадиган металларнинг қолдиқларидан ажратиб олинади.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов комбинат олимларнинг тадқиқотлари натижаларини амалда синаш учун катта полигон эканини айтиб, вазирлик ишлаб чиқаришга инновацияларни жорий қилиш, илмий-техник лойиҳаларни шакллантиришда ҳамкорлик қилишга тайёр эканини таъкидлади.

— Ишлаб чиқариш ва илм-фан муассасаларининг тандемисиз инновацияни тасаввур этиб бўлмайди, — деди вазир. — Олмалиқ кон-металлургия комбинати 10 кишини Кореяда ўқиб келишини таъминлаган бўлса, биз сизларнинг яна 10 нафар мутахассисларингизни дунёнинг бошқа ривожланган давлатларининг етакчи университетлари, илмий-тадқиқот марказларида малакаларини ошириб қайтишларини таъминлаб берамиз. Шунингдек, комбинат фаолиятига фойда келтирадиган илмий-техник лойиҳаларнинг 50 фоизини молиялаштиришга тайёрмиз. Зеро, нодир металларсиз инновацион ускуналарни яратиш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни тасаввур этиб бўлмайди. Қазилма бойликлардан фойдаланишни камайтириш, атроф-муҳитга зарар келтирмаслик замирида янги технологиялар ётаркан, замонавий ускуналарни аввало ўз юртимизда ишлаб чиқарилишини таъминлашимиз керак. Нодир металлар эса бу соҳада етакчиликни қўлга киритишимизда ёрдам беради.