Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган Элмира Боситхонова номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилиши вақтида бош вазир ўринбосари — Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимига маъқулланди. Бу ҳақда парламент қуйи палатаси матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

Эслатиб ўтамиз, 1 апрелдан кучга кирган қонунга кўра, президент бош вазир тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан сўнг тасдиқлайди.

Элмира Боситхонова (1958 й. т.) Тошкент давлат тиббиёт институтини даволаш иши йўналишида тамомлаган (1981). 1981−2011 йилларда Тошкент шошилинч тиббий ёрдам клиник шифохонасида врач-интерн, анестезиолог-реаниматолог, бўлим мудири, бош шифокор лавозимларида фаолият кўрсатган.

2011 йилдан 2016 йилгача Элмира Боситхонова худди шу лавозимда — бош вазир ўринбосари — Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида фаолият кўрсатган. 2016 йил декабридан соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Ҳозирда Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига 2016 йилнинг декабридан буён Танзила Норбоева раҳбарлик қилмоқда. У 2018 йилнинг декабрида раис лавозимига яқин беш йилга қайта сайланган эди.