Ўзбекистон Конституцияси 93-моддасининг 12-бандига мувофиқ Отабек Бахритдинович Муродов Ўзбекистон бош прокурори лавозимидан озод этилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Лавозимидан озод қилиниши сабаби маълум қилингани йўқ.

Отабек Муродов Бош прокуратурага 2018 йилнинг 31 январь куни раҳбар этиб тайинланган эди. Унга қадар у президент давлат маслаҳатчиси (2017−2018) лавозимида фаолият кўрсатган. Адлия вазири ўринбосари (2015−2017) вазифасида ишлаган, президент девонида (2010−2015) ва Бош прокуратурада (1998−2010) турли лавозимларда меҳнат қилган.

Ўзбекистон бош прокурори лавозимига шу вақтгача Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатини бошқариб келган Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошев тайинланди. У 2015 йилда парламент юқори палатаси раиси этиб сайланган эди.

Аввал, 2011 йилдан адлия вазири бўлиб ишлаган. Меҳнат фаолиятини Олмалиқ шаҳри прокуратурасида стажёр сифатида бошлаган, прокуратура органларида катта терговчи, бошқарма прокурори, бўлим бошлиғи, Бош прокуратура ҳузуридаги департамент бошлиғи ва бош прокурор ўринбосари лавозимларида ишлаган.

Олий Мажлис Сенатига янги раис 21 июнь куни бўлиб ўтадиган 20-ялпи мажлис вақтида сайланиши кутилмоқда.