ҚҲТБТ порталида президентнинг «Чарм-пойабзал ва мўйначилик тармоқларини ривожлантириш, шунингдек импорт ўрнини босадиган ва экспортга мўлжалланган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.

Хусусан, 2019 йил 1 июлдан қуйидаги ўзгартиришлар киритилиши мумкин:

импорт пойабзалга (ТИФ ТН коди 6401 — 6405) солинадиган божхона божи ставкаси амалдаги товар божхона қийматининг 10 фоизи, бироқ бир жуфти учун камида 1,5 АҚШ долларидан 30 фоизгача, бироқ бир жуфти учун камида 5 АҚШ долларигача оширилади;

тармоқ ичида реализация қилиш чоғида ишлаб чиқарилган хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар солиқ солиш объектлари деб ҳисобланмайди;

пойабзал, чарм-галантерея маҳсулотлари, жун, қоракўл ва сунъий чармдан тайёрланган буюмларни давлат томонидан харид қилиш чоғида (ш.ж. стратегик харидорлар томонидан) маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга нисбатан 20 фоизгача нарх преференцияси жорий этилади.

Бундан ташқари, кейинги йил бошидан ярим тайёр чарм маҳсулотларни (ТИФ ТН кодлари 4104, 4105, 4106 21 000 0) олиб чиқишга рухсатнома бериш учун йиғимни экспорт қилинадиган маҳсулотлар қийматининг 5 фоизидан 20 фоизигача ошириш режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, кредитлаш ва Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан фоизларнинг бир қисмини қоплаш йўли билан замонавий ускуналарни импорт қилишда тармоқ корхоналарига кўмак берадилар. Бўш турган давлат мулки «Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо бўлган ташкилотларга берилади. Уларга, шунингдек уларда ишловчиларга, уюшманинг ўзидаги чет эллик мутахассисларга ҳам солиқ имтиёзларини бериш режалаштирилмоқда.

Лойиҳа ўзгартирилиши, унга қўшимча киритилиши ёки рад этилиши мумкин.