Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Human Rights Watch (HRW) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотидан 13 июнь куни Тошкентда унинг вакили Стив Свердолов билан бўлиб ўтган ҳодисага тегишли мурожаатни қабул қилиб олди, дея хабар берди ТИВ матбуот хизмати.

«Масала ҳар томонлама ўрганилмоқда. Унинг якунлари бўйича амалдаги қонунчиликка мувофиқ чоралар қўлланилади», — дейилади ТИВ баёнотида.

«Ўзбек томони «Human Rights Watch"нинг Ўзбекистондаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди ҳамда ушбу ва бошқа ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни давом эттиради», — дея таъкидланади баёнотда.

Аввалроқ хабар қилинганидек, Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг Марказий Осиё бўлими раҳбари Стив Свердлов 13 июнь куни Тошкентга ташрифи вақтида видеоблогер Сардор Комилов томонидан оғзаки ҳужумга дуч келди. Ҳодиса тасвирланган видеоёзув Sayyo.com`нинг YouTube-каналига жойлаштирилган. Унда Сардор Комилов меҳмонхонанинг биринчи қаватида Стив Свердловни таъқиб қилиб, унга HRW фаолияти ва бошқа саволларни бергани тасвирланган.