15 июнь куни тахминан 8:45 да Андижоннинг «Ёйилма» маҳалласидаги тўрт қаватли уйда ёнғин содир бўлди, дея хабар қилди Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ёнғин уйнинг том қисмида жойлашган электр симидан келиб чиққан қисқа туташув натижасида содир бўлган.

Олов қўшни уй томига ўтиб кетмади. Фото: ДЁХБ

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати матбуот хизматининг «Газета.uz"га аниқлик киритишича, ёнғин тўғрисидаги хабар 9:10 да келиб тушган. Саккизта ёнғин бригадаси ва иккита автомобиль крани ҳодиса жойига 9:17 да етиб келади. Ёнғин 9:35 да қуршаб олиниб, 9:55 да тўлиқ ўчирилади. Жабрланганлар ва қурбон бўлганлар йўқ.

Олов томнинг ёғоч тахталар ва метал қопламадан иборат 480 кв. м лик том конструкциясини йўқ қилган.

Фото: ДЁХБ

Ҳодиса жойига вилоят прокурори ўринбосари, шаҳар прокурори, ИИО ФМБ бошлиғи, тезкор-тергов гуруҳи етиб борган.

1-кичик даҳада жойлашган 1-уй 1967 йилда қурилган, 2012 йилда том қисми, 2019 йилнинг февралида эса бинонинг ташқи қисми таъмирланган. Турар-жойда жами олтита подъезд, 64 та квартира мавжуд бўлиб, уларда 162 киши истиқомат қилади.

Шаҳар ИИБ томонидан дастлабки суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Суриштирувнинг бориши шаҳар прокуратураси томонидан назоратга олинган.