«Миллий тикланиш» Демократик партияси марказий кенгаши раиси Алишер Келдиевич Қодиров Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари лавозимига сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон парламенти қуйи палатаси матбуот хизмати хабар қилди.

Алишер Қодиров номзоди 13 июнь куни Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қўшма йиғилишида тасдиқланди.

Фото: Шухрат Латипов / «Газета.uz».

Йиғилишда қуйи палата спикери ўринбосари лавозимида фаолият юритган ҳамда аввалроқ «Ўзагросуғурта» суғурта компаниясига раҳбар этиб тайинланган Сарвар Отамуратовни Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари ҳамда Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси лавозимларидан озод этиш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди ва қуйи палатанинг тегишли қарори қабул қилинди.