13 июнь куни Лондонда Ўзбекистон-Буюк Британия муносабатлари тарихида илк бор ташқи сиёсат идоралари ўртасида бошқарма бошлиқлари даражасида Ўзбекистон-Буюк Британия сиёсий маслаҳатлашувлари бўлиб ўтди, дея хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Музокаралар чоғида сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва истиқболлари ҳамда халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик бафуржа муҳокама қилинди.

Британия томони Ўзбекистонда олиб борилаётган йирик миқёсдаги ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади ҳамда уларни янада самаралироқ ишлаши учун ёрдам беришни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.

Таъкидланганидек, турли даражаларда алоқаларни фаоллаштириш айни пайтда сезиларли натижалар бермоқда. Парламентлараро мулоқот мустаҳкамланмоқда, вазирликлар, идоралар ва бизнес ҳамжамиятлари ўртасида ҳамкорлик жадаллашмоқда. Жорий йилнинг феврал ойида Тошкент шаҳрида Савдо ва инвестициялар бўйича Ўзбекистон-Буюк Британия кенгашининг 24-йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу тадбир якунларига кўра ҳамкорликнинг турли соҳаларига оид қатор ҳужжатлар имзоланди.

Бирлашган Қироллик фуқаролари учун Ўзбекистон томонидан визасиз режим жорий қилингани мамнуният билан қарши олинди. Ушбу ўзгариш натижасида 2018 йилда Буюк Британиядан Ўзбекистонга келадиган сайёҳлар оқими 40 фоизга ошди, ишбилармонлик алоқалари ва маданий-гуманитар алмашинувлар кенгаймоқда.

Учрашувда таълим соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, жумладан мутахассисларни ўқитиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш масалаларининг зарурлиги алоҳида қайд этилди.

Маслаҳатлашувлар давомида икки мамлакат ўртасида Шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисида битим лойиҳаси муҳокама қилинди ҳамда муҳим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Маслаҳатлашувларнинг кейинги раундини Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилди.