Собиқ дипломат Қодир Юсуповга нисбатан қийноқлар қўлланилгани йўқ, дея маълум қилди Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Эркин Юлдашев жума куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида журналистлар билан учрашувда.

«Қодир Юсупов иши бўйича ҳам, Саид-Абдулазиз Юсупов иши бўйича ҳам аслида нима бўлгани тўғрисида кўпроқ маълумот олишлари учун ҳам адвокатлар, ҳам журналистларга максимал имкониятларни тақдим этишга ҳаракат қилдик. Биз махсус прокурорлик текширувини ўтказиб, унинг якунлари бўйича ҳар икки жиноят иши бўйича кўрсатиб ўтилган шахсларга руҳий ёки жисмоний босим ўтказилмаганини аниқладик. Процессуал қарор қабул қилинди ва биз ушбу қарорнинг тўғри эканига жавоб берамиз», — дея изоҳ берди прокурор ўринбосари Human Rights Watch ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотининг тергов ҳибсхонасида Қодир Юсуповга нисбатан қийноқлар қўлланилаётгани ҳақидаги баёнотига изоҳ берар экан.

Қодир Юсуповга қарши ўтган йилнинг 1 декабрида Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Жиноят кодексининг 157-моддаси (давлатга хоинлик қилиш) бўйича жиноят иши қўзғатилган эди. 23 май куни у кўриб чиқиш учун Ҳарбий судга тақдим этилди. «Одатда бундай ишлар ёпиқ тартибда кўриб чиқилади. Судга қандай маълумотлар тақдим этилгани ҳақида ҳозирда айтишим қийин», — деди Эркин Юлдашев.

У суд агарда Қодир Юсуповга қарши бирор бир ноқонуний таъсир қўлланилгани тўғрисидаги масала юзага келса, албатта ўз муносабатини билдиришини қўшимча қилиб ўтди.

Human Rights Watch ташкилоти 12 июнь куни эълон қилган баёнотда Ўзбекистон ҳукумати зудлик билан Қодир Юсуповни озод қилиш, шунингдек у билан ноқонуний муомалада бўлишга алоқадор шахсларни жавобгарликка тортишга чақирган эди. Ҳуқуқ ҳимоячилари собиқ дипломатга нисбатан ҳибсга олингандан буён руҳий қийноқлар қўлланилаётгани, у зарур зарур дори воситаларидан маҳрум этилгани ҳамда оиласи кузатув остида экани ва тазйиқларга учраётганини тасдиқламоқда. Қарийб беш ойдан буён Қодир Юсуповнинг олдига на адвокат, на қариндошлари киритилди ва ундан ўз адвокати хизматидан воз кечиш талаб этилди, дейилади HRW баёнотида.