12 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Давлат солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида мавзусида ва журналистлар билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Тадбирда янги солиқ концепцияси, кучга кирган ўзгаришлар, жисмоний шахсларга солиқ юкининг пасайтирилиши, тадбиркорлик субъектларига енгиллаштирилган солиқ ставкаларининг қўлланилиши, қўшимча қиймат солиғи ва бошқа янги солиқлар имплементацияси ҳамда берилаётган имтиёзлар юзасидан маълумот берилди.

Солиқ тўловчиларга қулайлик яратиш мақсадида электрон ҳисобварақ-фактуралар жорий этилгани ва ҳозиргача уни 16 мингдан ортиқ солиқ тўловчилар ўз фаолиятида қўллагани, ушбу ҳисобварақ-фактураларда акс этган жами солиқ суммаси 5 трлн сўмни ташкил этгани қайд этилди.

Мулоқот давомида ҚҚС тизими бўйича имтиёзларни тугатишга доир келгуси режалар ҳақида гапирилди.

«Бизнинг мақсадимиз ижтимоий моҳиятдаги, хусусан дори-дармон, китоб ва газеталар фаолияти бўйича ҚҚС имтиёзини қолдириб, қолган барча соҳалар бўйича ҚҚС имтиёзини бекор қилиш, шу кўзда тутилган, — деди Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев. — Бу ўзгариш 2020 йил 1 январдан кучга киради».

Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосарининг айтишича, барча тадбиркорлик субъектлари ва корхона, ташкилотлар ҚҚС тизимида қамраб олингач, солиқ ставкасини қайта кўриб чиқиш, уни ўзгартириш ва мувофиқлаштириш имкониятлари пайдо бўлади.

Брифингда солиқ тўловчиларга солиқларнинг мазмун-моҳияти ва уларни қўллаш тартибини тўлақонли етказиш мақсадида солиқ хизмати органлари томонидан «Маслаҳат хизмати ойнаси» ташкил этилаётгани, махсус методик қўлланмалар тайёрланаётгани, ҚҚСни тўлашга ўтишда зарур ёрдам кўрсатиш бўйича амалий ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.