2019 йил 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда Юнусобод тумани 12-мавзедаги 25-уйнинг орқа томонида дарахтларнинг кесилаётгани ҳақидаги хабар эълон қилинган эди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва шаҳар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси томонидан ушбу ҳолат бўйича ўрганиш ишлари олиб борилди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, бу ердаги дарахтлар ноқонуний равишда кесилган. Бу ишни амалга оширган давлат рақами 01/ G 365 HA бўлган автотранспорт эгаси воқеа жойидан зудлик билан ғойиб бўлган. Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси қидирув бўлими томонидан олиб борилган тезкор тадбир натижасида автотраспорт воситаси ушланиб, вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирилди. Маълум бўлишича, ушбу қонунбузарлик З.Солиев томонидан амалга оширилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 январдаги 43-сонли қарорига асосан ўсимлик дунёсига етказилган зарар миқдорини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.

Фуқароларнинг мурожаати асосида ҳуқуқбузар қўлга олинди ва содир этган ноқонуний ҳаракати учун тегишли жазога тортилади. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий Жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 162-моддасига мувофиқ, бу йўналишдаги ҳуқуқбузарликка жарима чораси қўлланилади.