Жорий йилнинг 3 март куни Тайланд пойтахти Бангкок шаҳрида Осиё Олимпия кенгашининг 38-Бош Ассамблеяси (ООК) бўлиб ўтган ва унда Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги лавозимига Марказий Осиё минтақасидан Умид Аҳмаджонов сайланганди.

Шу кунгача ЎФА биринчи вице-президенти сифатида фаолият олиб борган Умид Аҳмаджонов бир ватқнинг ўзида Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти сифатида ҳам ишлаётганди. Аммо чет элга уюштириладиган хизмат сафарлари кўплиги боис Умид Аҳмаджонов Ўзбекистон футбол ассоциациясидан кетишга қарор қилди. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар берди.

«Осиё Олимпия кенгаши вице-президентлиги ниҳоятда масъулиятли вазифа. Келаси йил Токиода олипия ўйинлари бошланади. Мазкур мусобақага вақт кам қолмоқда. Хизмат сафарлари кўп. Шу сабабдан Ўзбекистон футбол ассоцицияси вице-президентлигидан бўшаш бўйича ариза ёздим.

Ўйлашимча, ўтган вақт давомида ўзбек футболи ривожи учун астойидил меҳнат қилиб, қўлимиздан келган барча чора-тадбирларни амалга оширдик. Буларнинг самараси аста-секин кўзга ташланмоқда.

Шу ўринда юртимизда спорт ривожига, хусусан, футбол ривожига катта аҳамият қаратиб келаётган президент Шавкат Мирзиёевга, барча зарур шарт-шароитларни яратиб бераётган ҳукуматимиз раҳбариятига миннатдорчилик билдириб ўтмоқчиман", — деди Умид Аҳмаджонов.