Божхона органлари томонидан Ўзбекистонга уяли алоқа воситаларини ноқонуний олиб киришга уриниш ҳолатларига чек қўйилди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, Наманган вилояти божхона бошқармаси Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Янгиқўрғон туманида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Янгиқўрғон туманида яшовчи фуқаро А.Ф.нинг хонадони холислар иштирокида белгиланган тартибда кўздан кечирилди. Натижада, ушбу хонадонда ноқонуний сақланиб келинаётган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, умумий қиймати 240 миллион сўмлик, 120 дона уяли алоқа воситалари борлиги аниқланди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан божхона текширув ишлари олиб борилмоқда.