Тошкентда доимий пропискаси бор тошкентликлар Ўзбекистон вилоятларида бўлиб турган вақтда яшаш жойи бўйича ҳисобга қўйишга мажбур эмас. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқараси бошлиғи Баҳриддин Шорисқиев душанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 223-моддасига (паспорт тизими қоидаларини бузиш) мувофиқ, паспортсиз ёки пропискасиз яшашга йўл қўйганлик учун жарима миқдори энг кам иш ҳақининг 5 бараварини ташкил этади.

Бироқ бу қоида, маълум бўлишича, фақатгина Тошкент ва Тошкент вилоятида бўлиб турган республиканинг бошқа вилоятларидан келган фуқароларга тааллуқли. Агарда улар пойтахт ҳудудида беш кундан ортиқ вақт давомида бўлиб турса, яшаш жойи бўйича ҳисобда қўйишлари лозим.

«Тошкент ва Тошкент вилояти алоҳида ҳудуд бўлгани сабабли ушбу масала [ҳисобга қўйиш] қўйилди. Бошқа вилоятларда бу йўқ, ҳисобга қўйилмайди», — деди Баҳриддин Шорихсиев.

Йил бошидан буён Тошкентда 16,8 минг киши, Тошкент вилоятида эса 6411 киши доимий, мос равишда 83,6 минг ва 13,7 минг киши вақтинчалик прописка олди. Шу билан бирга, паспорт-виза режимини бузгани учун 586,35 минг киши, улардан 120 минги — яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхатдан ўтмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.