Избоскан тумани Чувама маҳалласида яшовчи фуқаро А.Жололов ичкилик туфайли ўйламай қилган хатти-ҳаракати натижасида ўзидан ташқари укаси С.Жололов ва жияни З.Қобулов ҳам қамалди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Эндигина 31 ёшини қаршилаган, икки фарзанднинг отаси А.Жололов синфдош дўстлари билан бир дўстининг уйида тўйиб ароқ ичишади. Зиёфат тунгги соат бирга қадар давом этди. Улфатлар ярим тунда бақир-чақир билан кўчага чиқишди. Уйларига тарқалиш учун маҳалла гузарига келишди.

Шу пайт жамоат тартибини сақлаш мақсадида хизмат вазифасини бажариб юрган Избоскан туман ички ишлар бўлими тезкор вакиллари С.Якубов ва И.Ҳайдаров келиб қолади. Улар шовқин кўтариб, гаплашиб турган йигитлар олдига келиб, кеч бўлиб қолгани, уй-уйларига тарқалишлари кераклигини айтади. Ўта маст бўлган А.Жололов ички ишлар бўлими ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, уларни куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қилади.

Гувоҳларнинг кўрсатмаларига кўра, орада жанжал бошланган. Ички ишлар ходимлари телефон орқали ҳудуд профилактика инспекторини, А. Жололов эса шеригининг телефони орқали укасини тезда маҳалла марказига етиб келишини сўрайди.

Нотаниш телефон рақамидан акасининг чақирганини эшитиб укаси С.Жололов, жияни З.Қобуловни чақириб, маҳалла гузарига етиб келади. Улар акасининг бир киши билан жанжаллашаётганини кўриб, ёрдамга шошишади. Уруш, жанжал оқибатида ички ишлар ходими С.Яқубов тан жароҳати олади, И.Ҳайдаров эса вафот этади.

Жиноят ишлари бўйича Андижон вилояти суди судьяси Улуғбек Каримов раислигида бўлиб ўтган суд мажлисида атрофлича ўрганиб чиқилган юқоридаги жиноий иш бўйича ҳукм чиқарилди.

Суд ҳукмига кўра, А.Жололов айбдор деб топилиб, унга 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Шунингдек, ушбу жиноятнинг содир этилишида иштирок этгани учун укаси йигирма тўққиз ёшли С.Жололовга 15 йилу 9 ой, эндигина йигирма беш ёшни қаршилаган жияни З.Қобуловга 15 йилу 6 ой қамоқ жазоси тайинланди. Энди улар умрининг энг гўзал дамларини қамоқда ўтказишга мажбур.

Ота-онасининг дуосини олиб, фарзандларини тарбиялайдиган бир пайтда ичкилик, ожизлик, манманлик туфайли жиноятчига айланган бу инсонларнинг қилмиши, умуман, ана шу мудҳиш воқеа барчамизга ибрат бўлиши керак.