Тошкентда Мустақиллик майдонидаги улкан фавворани капитал таъмираш бошланди. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Вазирлар Маҳкамаси қаршисидаги фаввора шаҳарнинг энг асосий диққатга сазовор жойларидан бири бўлиб, шаҳарликлар ва Тошкент меҳмонлари бу ерда сув зарралари остида сайр қилишни хуш кўрар эди.

«Фаввора қурилганидан буён реставрация қилингани йўқ. Мазкур фавворанинг қурилганига 50 йил бўлган. Ҳозирда унинг айрим жойлари дарз кетган. Агар вақтида таъмирланмаса метрога сув тушиш эҳтимоли бор», — дейилади хабарда.

«Бундан ташқари, фаввора керагидан 8 баробар кўп электр энергияси истеъмол қилади. Ҳозирги кунда олиб борилаётган қурилиш-монтаж ишлари сабаб электр янада тежалади», — дея қайд этди шаҳар маъмурияти.

Фавворанинг шу йил охирига қадар таъмирланиб, замонавий кўринишда қайта ишга туширилиши кутилмоқда. Аввалроқ майдоннинг бошқа томонидаги фаввора реконструкция қилинган эди.