Ўзбекистонда хорижга чиқиш паспортини беришдаги муаммо ва камчиликлар ускуналар етишмаслиги сабабли кузатилмоқда. Бу ҳақда ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Баҳриддин Шорихсиев душанба куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

Республикада хорижга чиқиш паспортини бериш 4 январдан бошланди. Бу вақт давомида 312 мингдан ортиқ фуқаролар ҳужжатга эга бўлди. 2015−2018 йилларда хорижга чиқишга рухсат берувчи стикер ҳар йили ўртача 200 минг кишига берилган, дея хабар қилди бош бошқарма раҳбари. Янги хорижга чиқиш паспорти 10 йил муддатга берилади.

«Муайян муаммо ва камчиликлар бўлди. Энг асосий сабаблардан бири — техника масаласи. Бизнинг техникалар Германиядан олиб келинади. Ҳозирда Тошкентда — 12, Андижонда — 5, Бухорода — 2, Жиззахда — 1, Навоийда — 1, Наманганда — 2, Самарқандда — 3, Сирдарёда — 1, Сурхондарёда — 1, Фарғонада — 2, Хоразмда — 1, Қашқадарёда — 2 ва Қорақалпоғистонда — 1 дона (жами 39 та — таҳр.) ускуна ўрнатилган», — деди Баҳриддин Шорихсиев.

Ҳужжат олиш истагида бўлганлар сони кўплиги боис «хорижга чиқиш паспортини ўз вақтида беришда айрим муаммолар вужудга келди. Агарда биз авваллари куни 70 кишини суратга олган бўлсак, ҳозирда бу рақам 300 кишигача ортган».

Йил охиригача Ўзбекистон туманларини хорижга чиқиш ҳужжатларини бериш тизимлари билан таъминлаш режалаштирилган.

«Ўйлайманки, бир-икки ой ичида тизим меъёрида ишлашни бошлайди ва муаммолар бўлмайди», — деди ИИВ вакили.