Тошкент ИИББ пойтахтликларга кўп қаватли уйлар ҳовлиларига автомобилларнинг кириши ва қўйилишини тақиқлаш бўйича савол билан мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, 4 июнь куни пойтахтнинг Юнусобод туманида кўп қаватли уйлардан бирининг ҳовлисида машина уч ўсмирни уриб юбориши оқибатида улардан вафот этди.

Овоз беришда ИИББнинг Telegram`даги канали ёки Facebook-саҳифасида иштирок этиш мумкин. Бошқарма матбуот хизматининг қайд этишича, мазкур овоз бериш ҳуқуқий кучга эга эмас, бироқ унинг натижалари нафақат йўлларда, балки кўп қаватли уйлар ҳовлилари, маҳаллалар ва мавзе ичидаги кўчаларда йўл хавфсизлиги чораларини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш учун зарур.

«Ҳаракат воситасини сотиб олар экан, ҳамма ҳам олдиндан уни қаерда сақлаш ҳақида ўйлайвермайди. Хусусий уйда яшовчилар учун муаммо долзарб эмас. Кўп қаватли уйларда яшовчилар эса шахсий ҳаракат воситаси ҳақида давлат қайғуришга мажбур деб ҳисоблайдилар. Буни хато фикр, деб ҳисоблаймиз», — дейилади ИИББ хабарида.

Бошқарма автомобилларни қаерда қолдиришни аввалдан ўйлашни таклиф этмоқда, чунки ҳар бир кўп қаватли уйнинг олдида автотураргоҳ қуришнинг имкони йўқ. Битта кўп қаватли уй автотураргоҳини қуриш давлат бюджетига 3 млрд сўм ва ундан зиёдроққа тушмоқда, дея қайд этди матбуот хизмати. Бундан ташқари, яна бир масала пайдо бўлади: уларни қаерга қуриш керак кўп қаватли уйларнинг ҳовлиларигами?

Хорижий мамлакатларда, дейилади хабарда, одамлар уй ёки идорагача машинасида бориш масаласига хотиржам муносабатда бўлиб, автомобилини тураргоҳда қолдиради ва ўша ердан манзилигача пиёда ёки жамоат транспортида етиб боради.

Бошқарма матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда ушбу мавзудаги кўплаб изоҳлар ўрганилганини хабар қилди. шаҳар аҳолиси ҳовлиларда машиналар қолдириб кетилиши оқибатида нафақат дам олиш ва болаларнинг хавфсиз ўйлашлари учун жой қолмаётгани, балки пиёдалар ҳаракатига ҳам тўсқинлик қилаётганидан шикоят қилмоқда. Бундан ташқари, кўп ҳолларда автомобиллар подъездлар олдидаги тор йўлакларни ёпиб, тезкор хизматлар машиналарининг ўтишини чегаралаб қўймоқда.

«Тез тиббий ёрдам ходимлари, ўт ўчирувчилар, махсус газ авария хизматлари мутахассислари автомобиль соҳибини топгунларига қадар, қимматли вақт йўқотилмоқда, одамлар ўлиши ҳам мумкин», — дея қайд этди ИИББ.