2019 йил 8 июнь куни Тошкент шаҳри ҳудудида кучли шамол (Гидромет маркази берган маълумотга кўра 12−17 м/с) натижасида дарахтларнинг синиши ва қулаши ҳамда бошқа кўнгилсиз ҳолатлар оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида, Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хамда ФВДТга кирувчи ташкилотларнинг ходимлари билан биргаликда дарахтларнинг синиши ва қулаши билан боғлиқ вазиятларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича амалий ишлар ташкиллаштирилди ҳамда шаҳар ҳудудида фаолият юритувчи кўнгил очар масканлардаги баланд атракционларни вақтинча тўхтатиш юзасидан «Саноат хавфсизлиги» Давлат инспециясга тавсия киритилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Жумладан, аҳолидан келиб тушган 150 та мурожаатларга ўз вақтида жавоб берилди ҳамда 17 та воқеа жойларига тегишли куч ва воситаларни йўналтириш ва бартараф этиш ишлари ташкиллаштирилди.

Куч ва воситалар қуйидаги манзилларга йўналтирилди:

Миробод туманининг Темирйўлчилар маҳалласи, Темирйўл кўчасидаги дарахтни «Матиз» русумли автомобиль устига қулаши натижасида автомобиль ичидаги йўловчи Фаррух Шоабдиев бош қисмидан жароҳат олган. Хозирда аҳволи яхши бўлиб тиббиёт ходимлари назорати остида.

Мирзо Улуғбек туманининг Мустақиллик кўчаси 90-уй ёнида, Қорсув-2 18 хонадоннинг олд қисмида, Қорасув-3 8 уйнинг ёнида, Бую Ипак йўли кўчаси 392-«А» уй ёнида дарахтларнинг синиши натижасида электр симлари узилган.

Шайхонтоҳур туманинг Саидхўжаев кўчасида дарахт электр симлари устига қулаган ва ушбу ҳолат бартараф этилди.

Олмазор туманининг Аброр Ҳидоятов кўчаси 50-уйнинг ёнида дарахат қулаши ва электр симлари узилиши холати юзага келган ва бартараф этилди.

Чилонзор туманининг «Чинни бозор» автотураргохида электр сим узилиши, 19-мавзе собиқ макарон завод ёнида, 3-мавзе кичик бозорча ёнида дарахтлар қулаши кузатилди.

Юнусобод туманинг Боғи шамол кўчаси 183-уй ёнида, Ифтихор кўчаси 17-, 108-уйлар ёнида, Жиноий ишлар бўйича суд биноси ёнида (Анҳор 3-тор кўчаси), 19-мавзе Сайрам чорраҳаси ёнида дарахтлар қулаши муносабати билан турли ноқулайликлар юзага келган ва ушбу ҳолат бартараф этилди.

Яккасарой туманининг Юсуф Хос Ҳожиб кўчаси 69-«А» уй ёнида, Қушбеги кўчаси 5-уй ёнида дарахтлар қулаши натижасида турли ноқулайликлар юзага келган ва ушбу ҳолатлар бартараф этилди.

Юқорида қайд этилган дарахт синиши ва қулаши ҳамда бошқа кўнгилсиз ҳолатларни оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш ишларига, «Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси», Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (20 нафар шахсий таркиб, 3 техника), Тошкент шаҳар ҳокимлиги Қутқарув хизмати бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси, «Махсустранс» ИЧБ, Тошкент шаҳар «Электр тармоқлари корхонаси», «Тошшаҳарнур» ДУК ва «Йўл қурилиш ва таъмирлаш» МЧЖлардан жами 76 та шахсий таркиб ҳамда 47 та махсус техникалар жалб этилди.

Юзага келган ҳолатларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.