2019 йил 8 июндаАлкоголь ва тамаки бозорини самарали тартибга солишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг телеграмдаги «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарор билан Молия вазирлиги ҳузуридаги Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Мазкур низомга кўра, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш инспекцияси истеъмол ва техник этил спирти, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, шунингдек, алкоголь маҳсулотларининг улгуржи савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш, лицензия талабларига амал қилинишини назорат қилиш каби вазифаларни амалга оширади. Инспекция бошлиғи Молия вазирининг тақдимномасига биноан Ҳукумат томонидан тайинланади.

Қарор билан шунингдек, инспекциянинг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги ҳамда истеъмол этил спиртини алкоголь ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар ўртасида тақсимлаш тартиби тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Бунда, жамғарма маблағлари инспекциянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларни моддий рағбатлантириш каби мақсадлар учун йўналтирилади.