Осиё тараққиёт банки (ОТБ) Самарқанд, Бухоро, Наманган ва Қаршида давлат-хусусий шерикчилик (ДХШ) орқали сув таъминоти инфратузилмаларини яхшилашда Ўзбекистонга ёрдамлашади, дея хабар қилди банк матбуот хизмати «Газета.uz"га.

Ушбу тўртта шаҳарда сув таъминоти инфратузилмаларини яхшилаш учун ДХШ бўйича консультацион хизматларни кўрсатиш тўғрисидаги меморандум Ўзбекистон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари Дилшод Азимов ва ОТБнинг Ўзбекистондаги доимий ваколатхонаси раҳбари Синди Малвичини томонидан имзоланди.

Синди Малвичинининг сўзларига кўра, ОТБ ҳукуматга 2021 йил бошига қадар ушбу шаҳарларда сув таъминоти ва санитария лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда хусусий шерикларни жалб қилишда маслаҳатчи сифатида ёрдам кўрсатади.

Хусусий секторнинг иштирок этиши Ўзбекистондаги мавжуд сув таъминоти ва санитария тизимлари фаолияти ва бошқарувини яхшилашга хизмат қилади. Бу сектордаги вазиятни яхшилаш учун қўшимча инвестициялар ва халқаро тажрибаларни жалб қилишга ёрдам бериши мумкин.

Апрелда ОТБ Тошкент вилоятининг Янгийўл ва Чиноз туманларида минтақавий сув таъминотини қайта тиклаш ва кенгайтириш учун 105,3 млн долларлик қарз ажратилишини тасдиқлаган эди.