Чирчиқ дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлигининг махсус бўлинмалари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамкорлигида шартли душманни йўқ қилиш бўйича ўқув машғулотлари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Машғулотларнинг асосий мақсади қўққисдан ҳужумга ўтган шартли душманни тезкорлик билан яксон этишга қаратилди. Дастлаб яланглик орқали ҳужумга ўтган шартли душман вертолетлар орқали ҳудудга келтирилган махсус бўлинмалар томонидан қўршовга олинди ва уларнинг олдинга ҳаракатланишига тўсқинлик қилинди.

Қуруқлик орқали махсус операция кучлари енгил зирҳли техникаларда ҳам етиб келиб, қисқа муддат ичида «душман"ни ер тишлатди. Шартли душман яксон этилгач, десантчилар ҳудудни миналардан тозалаш, шартли жароҳат олганларни эвакуация қилиш бўйича амалиётга киришиб, белгиланган вазифани муваффақиятли бажарди.