7 июнь куни халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ва Жанубий Кореянинг KT компанияси президенти Ю Енг Парк Ўзбекистон мактабларида ўқув-компьютер синфларини ташкил этиш бўйича шартномани имзолади. Бу ҳақда ХТВ матбуот хизмати хабар қилди.

KT компанияси «Мактаб таълимида ахборот-коммуникация технологияларини янада ривожлантириш» лойиҳаси бўйича ўтказилган тендерда ғолиб бўлди. Лойиҳа Корея Республикасининг Экспорт-импорт банки (Эксимбанк) ажратган 33 млн долларлик кредит ҳисобига молиялаштирилади.

Лойиҳа доирасида KT компанияси 2766 та умумий ўрта таълим мактаблари синфларига жами 2859 та ўқув-компьютер етказиб, ўрнатиб беради. 2019 йил охирига қадар ўқув-компьютерлар 700 га яқин мактабларга етказиб берилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббусни илгари сурган эди. Ушбу ташаббуснинг учинчиси аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ҳамда интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган.

«Мазкур лойиҳа мактаб ўқувчиларининг компьютер саводхонлигини оширишга ёрдам беришини ҳамда Ўзбекистонда ахборот технологиялари хизматларини ривожлантириш мамлакат учун устувор йўналишлардан биридир», — дея таъкидлади вазир.

Шу муносабат билан Халқ таълими вазирлиги ўқув дастури, жумладан, ахборот технологияларини ўқитиш бўйича дастурларни қайта кўриб чиқмоқда.