Профессионал боксда фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик Исроил Мадримов бугун ўзининг учинчи жангини ўтказди. АҚШдаги машҳур «Мэдисон Сквер Гарден» аренасида ташкил этилган бокс оқшомида ҳамюртимизга мексикалик Норберто Гонсалес рақиблик қилди. Бу ҳақда МОҚ матбуот хизмати хабар берди.

10 раундга мўлжалланган жанг охиригача етиб бормади. Баҳснинг 6-раунди ўтиб бораётган пайт Мадримов ўзининг ажойиб сериялари билан рақибини карахт вазиятга солди ва рефери жангни тўхтатди. Бу Исроил учун учинчи жанг эди ва у мазкур жангларнинг барчасини муддатидан аввал ғалаба билан якунламоқда.

Ҳамюртимизнинг келгуси фаолиятида ҳам мана шундай ёрқин ғалабалар тилаб қоламиз.