Ўзбекистон Бош прокуратураси Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди директори Саид-Абдулазиз Юсуповга нисбатан қийноқ қўлланилганини рад этди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

10 май куни Саид-Абдулазиз Юсупов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб ушланган ва ДХХ тергов ҳибсхонасига жойлаштирилган.

12 май куни ДХХ Тергов бошқармаси томонидан С.Юсупов жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан қамоқ тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Республика Суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази Тошкент шаҳар филиали томонидан ўтказилган 16 майдаги хулосасида, С.Юсуповда қон-томир касаллиги аниқланган бўлсада, айбланувчининг саломатлиги ҳолати унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чорасини қўлланилиши ва тергов ҳаракатларида иштирок этишига тўсқинлик қилмаслиги кўрсатилган.

7 июнь куни айбланувчи С.Юсуповнинг онаси Ж.Бакаева Бош прокуратура раҳбарияти қабулида бўлиб, тергов жараёнида ўғли жисмоний қийноққа солинаётганлиги ҳақида мурожаат қилган ва ўғлини унинг ҳимоячиси иштирокида тиббий кўрикдан ўтказишни сўраган.

8 июнда Бош прокуратура томонидан ҳимоячи А.Шаймардонов ва тергов устидан назорат олиб борувчи прокурор Д.Рахматуллаев иштирокида мутахассис-шифокорларни жалб қилган ҳолда айбланувчи С.Юсупов тиббий кўрикдан ўтказилганда, унинг танасида бирон-бир тан жароҳати ёки қийноқ аломатлари аниқланмади.

С.Юсупов ўз ҳимоячиси А.Шаймардонов иштирокида ихтиёрий берган ёзма тушунтиришида унга нисбатан тергов жараёнида ҳеч қандай жисмоний ёки руҳий тазйиқлар ўтказилмаганлигини, ҳозирда касаллиги бўйича тегишли дори воситалари ва тиббий муолажаларни ўз вақтида олаётганлигини билдирди.

Май ойида сентябрда ёзилиб, укаси томонидан ижтимоий тармоқларда эълон қилинган видеомурожаатда Саид-Абдулазиз Юсупов: «Агарда ушбу мурожаатим ижтимоий тармоқларда тарқалган бўлса мен ҳибсда ёки Ватандан ташқарида ва ёки Худо кўрсатмасин бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган бўламан», — дейди.