Жорий йилнинг 3 июнь куни ижтимоий тармоқдаги «YouTube» каналига аёл киши томонидан шарҳланган 10 дақиқа 34 секундлик «Ўзбекларни Ўзбекистонда қийнашяпти, диққат қилинг» номи билан жойлаштирилган, «SERVIS INTER GRAND» МЧЖ раҳбари Таджибаев Элёрбек Мадаминовичнинг мурожаати асосида тайёрланган видеоматериал Ўзбекистон Республикаси ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси ҳамда Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум бўлишича, «SERVIS INTER GRAND» МЧЖ Фарғона вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси маъмурий биносининг кириш қисмида жойлашган бўлиб, ушбу жамият Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармасига келган фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ сервис хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келган.

Видеоматериалда акс эттирилган видеокузатув камерасидан олинган тасвирда «SERVIS INTER GRAND» МЧЖнинг хизмат кўрсатиш хонасига кириб келган шахсларнинг қўпол муносабатда бўлганликлари кузатилмади ва аёл кишининг шарҳида «…клиентларни (мижозлар) ҳайдаб чиқаришди…» дейилгани видеотасвирдаги ҳолатга тўғри келмаган. Чунки «SERVIS INTER GRAND» МЧЖнинг хизмат кўрсатиш хонасига кириб келган шахсларнинг чиқиб кетганларидан кейин ҳам мижозларга хизмат кўрсатиш давом этганини кўришимиз мумкин (иккала тасвирнинг соатига қараб билиб олса бўлади).

Видео мурожаатни шарҳлаётган аёлнинг Фарғона вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи Мехмонов Азизга нисбатан «ялоғ», «очофат» сўзларини ишлатгани ҳақорат бўлиб, бу эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс бўйича чора кўришга асос бўлади.

Бугунги кунда кўплаб фуқароларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш йўналишида қулайликлар яратиш ҳамда аҳолига кўрсатилаётган пуллик хизматларни камайтириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сон «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирининг 2019 йил 10 майдаги «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкета шаклини тасдиқлаш ҳақида"ги буйруғи (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 22 майда рўйхатдан ўтказилди, рўйхат рақами 3161) тасдиқланди.

Ушбу буйруқнинг 1 ва 2-иловаларидаги изоҳларда анкеталар, ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари (маълумотларни йиғиш пункти)нинг масъул ходими томонидан шакллантирилиб, анкета берган шахсга таништирилиши ҳамда у томонидан имзоланиши белгилаб берилган, шунингдек анкетада кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланган.

Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари ходимлари томонидан кўрсатилаётган ушбу хизматлар бепул амалга оширилади. Бу эса аҳолига қулай бўлиб, ходимлар ва фуқаролар ўртасидаги тушинмовчиликларга барҳам беради. Илгари жойлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларига келган фуқароларга ҳужжатларни расмийлаштириш билан боғлиқ сервис хизматларни кўрсатиш билан шуғулланиб келган фирмалар хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш учун анкеталарни тўлдириб бериш эвазига 25−30 минг сўм атрофида хизмат ҳаққи олганлар.

Хулоса қиладиган бўлсак, «YouTube» каналига «Ўзбекларни Ўзбекистонда қийнашяпти диққат қилинг» номи билан тайёрлаб жойлаштирилган видеоматериални, Ўзбекистонда аҳоли учун яратилаётган қулайликларга қарши тайёрланган бўҳтон, деб тушуниш мумкин. Буни видеоматериалга қолдирилган изоҳлардан ҳам билса бўлади, дейилади ИИВ хабарида.