Тошкентда 49 кишининг овқатдан заҳарланишига сабаб бўлган Oqtepa Lavash мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, 4−7 июнь кунлари Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи жами 49 нафар фуқаро «овқатдан токсикоинфекция» ташхиси билан Ўзбекистон ССВ ЭМЮКИТИ, 2 ва 5-сонли юқумли касалликлар шифохоналарига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган текширувда, ушбу фуқаролар шифохонага мурожаат қилишидан аввал Учтепа тумани, Лутфий кўчаси, Сергели тумани, Янги Қўйлиқ кўчаси, 7б-уй ҳамда Сергели тумани, Янги Сергели кўчаси, 21-уйда жойлашган «Оқтепа лаваш» («Grand Azia Plus» МЧЖ) умумовқатланиш тармоғининг учта шохобчасида тез тайёрланувчи таомларни («сендвич», «лаваш» ва «пицца») истеъмол қилгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан 7 июнь куни Тошкент шаҳар прокурори томонидан «Grand Azia Plus» МЧЖ мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми «б» банди билан (Истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш бошқача оғир оқибатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлса) жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.