Бугун Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида «Ўзбекистонда автомобилсозликни ривожлантириш стратегияси» мавзусида ОАВ вакиллари билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Журналистлар 2017 йилнинг 13 июнь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев «Хорижий инвестициялар иштирокидаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» корхонасини ташкил этиш тўғрисида"ги қарорни имзолагани, «Жиззах» эркин индустриал зона ҳудудида енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш объектларини қуриш ишларининг охирги муддати сифатида 2018 йилнинг 10 декабри кўрсатилгани, лекин нега ҳанузгача президент топшириғи бажарилмагани ҳақида савол берди.

«Бу саволга жавоб бера олмайман, — деди „Ўзавтосаноат“ стратегик режалаштириш дирекцияси бошлиғи Рустам Қодиров. — Чунки бу икки томонлама ҳал қилинадиган иш. Ахир бир томонда француз ҳамкорларимиз турибди. Бу улар билан боғлиқ муаммо, муаммо уларнинг ўзида».

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 16 май куни «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти Франциянинг «Peugeot Citroen Automobiles S.А» компанияси билан масъулияти чекланган жамият шаклида, устав жамғармаси, эквиваленти 29,3 млн евро миқдоридаги «Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» қўшма корхонасини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланганини маълум қилганди.