Ўз севган қизининг уйига совчиликка боришга кўнмаган, тўғрироғи қизни ўзларига «тенг» билмаган холанинг қилмиши жиянига қаттиқ ботди. У онасини қанча йўлга солишга уринмасин, у ҳам синглисининг гапидан чиқмади. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят судининг Суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Акрамжон Арипов «Газета.uz"га маълум қилди.

Бир ҳовлида яшайдиган бу қариндошлар айтарли бир-бирларининг мол-ҳолларидан бохабар эдилар. Онаси ва холасини йўлга сола олмаган йигит улардан бошқача тарзда ўч олмоқчи бўлди. Аммо, минг афсуски, оқибатини ўйламади.

У холасининг уйда йўқлигидан фойдаланиб, унга тегишли бўлган темир сейфни ярим тунда ҳовлининг орқа томонига олиб ўтади. Ундан шубҳаланмасликлари учун сейфни калит билан эмас, кучли темир ёрдамида очади ва нақд 50 000 000 сўмлик тилла буюмларни олиб, кўча бошидаги ахлат уюмлари ичига яшириб кетади.

Эрталаб кириб келган хола ўзига қарашли сейфнинг кўринмаётганидан қўрқиб кетади ва шошиб ИИБга хабар беради. Барча яқинлар, жумладан, «ўғри бола» — Исмат Боировга ҳам хабар беришади. Эндигина иш жойига етиб борган Исмат юрар-турарини билмай уйга қайтади ва ИИБ ходимларини кўриб қўрқиб кетади. Аста ортига қайтиб, яширган жойидан тиллаларни оладию холасининг иккинчи сейфига, ҳеч кимга сездирмай солиб қўяди. Ўзи эса…

Ички ишлар ходимлари ўз айбига иқрор бўлиб келган йигитчанинг қилмишини одил суд қўлига топширишади.

Суд томонидан қонуннинг «жазо адолатли бўлиши — ҳар бир ҳолатда индивидуал тайинланиши, жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасига, айбдорнинг шахсига, шунингдек, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларга мувофиқ бўлиши кераклиги, бунда, қонунга мувофиқ, судлар нафақат шахс жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, балки айбдорнинг шахси, жиноят содир этилиш пайтидаги ёки содир этилганидан кейинги ҳулқ-атвори, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни ҳам эътиборгаолиши лозим"лиги ҳақида талабларига риоя этган ҳолда Исмат Боировга ишлаган иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ўтказган ҳолда уч йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Жаҳл, ғазаб сўзига кириб ғалати тарзда ўч олишни ният қилган жияннинг кирдикори айланиб келиб ўзининг шаънига рахна солиб, «судланган» тамғасини солди.