Ўзбекистонда йил охирига қадар назоратсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ фаолиятни танқидий ўрганиб чиқилади. Бу президентнинг 4 июндаги аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Кейинги йилнинг февралига қадар ўрганиш якунлари бўйича ҳукуматга назоратсиз ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ фаолиятни такомиллаштириш тўғрисидаги қарор лойиҳаси киритилиши лозим.

Ҳужжатда аҳоли пунктларида кучук ва мушукларни сақлаш қоидалари ҳамда назоратсиз ҳайвонларга нисбатан раҳмли бўлишни таъминлайдиган уларни тутиш ва вақтинча сақлаш қоидаларини такомиллаштириш, шу жумладан тутилган назоратсиз ҳайвонлар тўғрисидаги маълумотларни, уларни идентификацияловчи белгилар (фотосуратлар, биркалар, намунавий белгилар ва бошқалар) кўрсатилган ҳолда жойлаштириш учун умум фойдаланиладиган ахборот тизимининг фаолият юритиши йўли билан уй ҳайвонлари эгаларини хабардор қилиш чора-тадбирларини такомиллаштириш кўзда тутилган бўлиши лозим.

Шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари қошида назоратсиз ҳайвонларни тутиш бўйича бўлимларнинг моддий-техник базасини ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Шунингдек, ҳар бир шаҳарда (туманда) тутилган назоратсиз ҳайвонларнинг жасадларини зарарсизлантириш учун крематорийлар ва биотермик ўралар қуриш режалаштирилмоқда.