Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг «Газета.uz"га маълум қилишича, 4 июнь куни Тошкентда овқатдан заҳарланиш ҳолати қайд этилди.

4 июнь куни соат 17−00 дан 6 июнь соат 12−00 га қадар ССВ Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти клиникасига 11 нафар, шаҳар 5-сон юқумли касалликлар шифохонасига 3 нафар ва 2-сон юқумли касалликлар шифохонасига 1 нафар бемор кўнгил айниши, қайд қилиш, бош оғриши, умумий ҳолсизланиш, ич кетиши, ошқозон соҳасида оғриқ, тана ҳароратинингкўтарилиши каби шикоятлар билан мурожаат қилган. Улар тиббий кўрикдан ўтказилиб, «Овқат токсикоинфекцияси» бирламчи ташҳиси билан шифохонага ётқизилган. Беморлардан 3 нафарининг аҳволи оғир, қолганлариники ўртача оғирликда.

Шифохонада беморлардан лаборатория таҳлиллари учун тегишли барча намуналар олиниб, малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилмоқда. Дори дармон заҳиралари етарли даражада, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолат бўйича ўтказилган бирламчи эпидемиологик текширув натижасида беморларнинг 11 нафари касалликларини Сергели тумани Янги Қўйлиқ кўчаси 7б-уйда жойлашган, 4нафари Сергели тумани Сергели-8 мавзесида жойлашган «GRAND AZIA PLUS» МЧЖга қарашли «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шохобчаларида тайёрланган товуқли сендвични истеъмол қилгани билан боғлашмоқда.

«GRAND AZIA PLUS» МЧЖга қарашли «Оқтепа лаваш» умумий овқатланиш шаҳобчасида қисқа муддатли текширув ўтказиш учун Ўзбекистон президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектлари хуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили номига Тошкент шаҳар ДСЭНМ томонидан 6 июнда маълумотнома кўриб чиқиш ва хулоса олиш учун берилган.

ССВнинг қайд этишича, пойтахтда юз берган ушбу ҳолат юзасидан вазирликнинг алоҳида назорати ташкил этилди. Вазирлик томонидан юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганилиб, беморларга ва мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатилмоқда.