«Озодлик» Радиоси ўзбек хизмати мухбири Умид Бобоматов 4 июнь куни Тошкентга учиб келиши биланоқ Ўзбекистондан чиқариб юборилди. Бу ҳақда унинг ўзи Facebook-саҳифасида маълум қилди.

«Кеча, 4 июнь куни Тошкентга учиб боришим билан мени дарҳол, ҳеч қандай тушунтириш, баённомалар, имзо ва бошқа расмиятчиликларсиз мамлакатдан чиқариб юборишди», — деб ёзди у.

Постга Умид Бобоматовга чиқариб юборилиши вақтида берилган ҳужжат фотосурати илова қилинган. Унда: «Ҳужжат эгасига Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришга рухсат берилмади», деб ёзилган.

Худди шу ҳужжатда журналистни Москвадан Тошкентга олиб келган авиатушувчи — «Ўзбекистон ҳаво йўллари» компаниясига йўловчини қайтариб олиб бориш тавсия этилган ва шундай қилинди.

Шунингдек, ҳужжатда йўловчи келган мамлакатда такроран текширувдан ўтказилиши тавсия этилган. Журналистнинг қайд этишича, Москвага қайтиб борганидан сўнг Федерал хавфсизлик хизмати билан суҳбат бўлиб ўтган.

Умид Бобоматов чиқариб юборилиши сабаби унга маълум эмаслиги, бу унинг касбий фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини таъкидлади.

Умид Бобоматов Россия фуқароси бўлиб, «Озодлик"нинг Москвадаги мухбири ҳисобланади. Бунга қадар у мунтазам равишда Ўзбекистонга келиб турган.

Май ойида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги «Озодлик"нинг иш услубини танқид қилиб, унинг мухбирларини журналист этикасига риоя қилмасликдан айблаган эди («Озодлик» сайти Ўзбекистонда очилмайди).

«„Озодлик“ таҳририятининг нохолис ва асосан ишончсиз материалларни нашр этишга қаратилган бир ёқлама ва янглиш сиёсати жамоатчилик, умуман глобал аудиториянинг чалғишига сабаб бўлиб, бу вазият кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Бундан ташқари, ижтимоий ва маиший масалаларга қасддан сиёсий тус бериш, алдов йўли билан маълумот тўплаш ҳамда аудиоёзувларни сохталаштириш ҳолатлари ҳайратланарлидир», — деб ёзган эди агентлик раҳбари Комил Алламжонов.