«Ўзбектелеком» компанияси мамлакатда кенг полосали интернетдан фойдаланишни кенгайтириш мақсадида узоқ муддатга 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қарз олиш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан музокаралар ўтказилмоқда.

Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги директори ўринбосари, «Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти эксперти Зафар Зоҳидов ЎзАга берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, компанияда бошқарув ходимлари учун харажатларни йилига 7,5 млрд сўмга камайтирган ҳолда, компаниянинг анча ихчам бошқарув тузилмаси ишлаб чиқилди.

«Фойдаланмаса ҳам бўладиган 189 та автомашина аниқланиб, улар оммавий аукционлар орқали сотувга қўйилди. Шунингдек, компания харажатлари ҳам камайтирилди, ихтисослашмаган активларни тезкор сотиш бошланди, миноритар улушлар даромад келтирмайдиган компанияларга сотилди. Бутун мамлакатимизнинг мобиль алоқа билан таъминланишини яхшилаш мақсадида таянч станциялар ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда», — Зафар Зоҳидов.

Бундан ташқари, халқаро стандартларга мувофиқ аудит ўтказилмоқда, асосий воситалар қайта баҳоланмоқда, деди у.

Зафар Зоҳидовнинг фикрича, «Ўзбектелеком» АЖ дастлабки давлат компанияларидан бири (банк тизимидан ташқари) сифатида халқаро рейтинг агентликлари корпоратив рейтингидан жой олиши мумкин. Бу компаниянинг халқаро капитал бозорлари, жумладан Евробондлар бозоридан фойдаланишига ёрдам беради, қарзга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ молиявий харажатларни қисқартиради.