3 июнь куни Ўзбекистон Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази таянч докторантурасида таҳсил олаётган Феруза Бобожонова, Наим Хусеинов ва Жўрабек Норбековга Президент совғаси — 1 хонали уйларнинг калитлари топширилди, дея хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га. Ёш олимларга калитларни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тақдим этди.

Ҳозирда Наим Хусеинов маркерларга асосланган селекция технологиясини қўллаган ҳолда ғўзанинг вилт касаллигига чидамли нав ва линияларни яратиш устида тадқиқотлар олиб бораётган бўлса, Феруза Бобожонова картошканинг ген-нокаут технологияси асосида янги истиқболли линияларини олиш бўйича тадқиқот устида иш олиб бормоқда. Жўрабек Норбеков эса ДНК баркодлаш технологияси ёрдамида маҳаллий буғдой навларининг генетик паспортини ишлаб чиқмоқда. Мазкур паспорт селекционер олимларнинг яратган навларининг муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилади, олимлар томонидан билиб-билмай ўсимликларнинг бир хил навларини яратишларининг олди олинади ҳамда навларнинг хилма-хил бўлишига хизмат қилади.


Геномика ва биоинформатика марказининг президентдан совға олган докторантлари ўз илмий ишлари, тадқиқотлари, мақола ва изланишлари учун кўплаб танловларда ғолибликни киритган умидли ёш олимлардан. Хусусан, Феруза Бобожонова 2014 ва 2018 йиллари йилнинг энг фаол ёш олими деб тан олинган.

«Ёш олимларга президентимиз томонидан совға сифатида уйларнинг калитининг топширилиши бир томондан уларга бўлган ишонч бўлса, иккинчи томондан илм-фан билан шуғулланиш арафасида турган ёшлар учун ибрат ҳам бўлди. Юртимизда интеллектуал меҳнатнинг қадрланиши, ўз иқтидори, билим ва кучини халқимиз учун фойда келтирадиган тадқиқотларга сарфлаган инсонларнинг эъзозланиши инновациялар асрида мамлакатимизнинг шиддат билан ривожланишига замин яратади», — дейилади хабарда.