Душанба куни пойтахтда кучли ёмғир ёғиши натижасида Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортнинг ўтган йилнинг ёзида очилган учиб келиш зали томидан сув сизиб кириш ҳолати кузатилди.

Терминалга туташ объектлар, жумладан қўниш ҳудудлари ва учиш-қўниш йўлагининг бир қисмини ҳам сув босди, дея хабар қилди аэропорт вакили «Газета.uz"га.

Аэропорт вакилининг ойдинлик киритишича, шаҳар дренаж тизимининг қониқарсиз ишлаши сабабли сув тошиши ҳолати кузатилган.

«Терминал уланган дренаж тизими тўлиб, сув ўтказмай қолган. Томдан тушувчи тарновлар ҳам сув билан тўлди. Сув том орқали бошқа йўл топиб, сизиб киришни бошлади», — деди суҳбатдош.

Сув канализацияга оқиб кетмагани сабабли ҳожатхонадан оқиб чиқишни бошлаган. «Мутахассисларимиз сув кўтарилмаслиги учун тиқин тиқишди», — деди у.

Йўловчилар кўлмакларда юрмасликлари учун аэропортнинг учиб келиш залига юк омборларидан 10 га яқин ёғоч тагликлар олиб келинди.

Сув тошиши оқибатларини бартараф этиш учун сув тортувчи техника, ўт ўчириш машиналари жалб қилинди.

Мавжуд маълумотларга кўра, аэропорт маъмурияти фавқулодда вазият тўғрисидаги видеоматериалларни техник ечим олиш учун тегишли ташкилотларга тақдим этган.

Апрель ойида Тошкент ҳокимияти нима учун пойтахт сурункали ёғингарчиликларга дош бера олмаётганининг бешта сабабини санаб ўтган эди. Улардан бири — ирригация-дренаж хўжалиги тизимларининг эскиргани бўлиб, капитал таъмирлаш учун қарийб 60 млн доллар зарур.