АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти 31 май куни Америка визасига ариза топширувчиларга ўзларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш талабини жорий этди. Бу ҳақда РИА Новости The Hill нашрига таяниб хабар қилди.

«Визага ариза топширувчилардан ушбу қўшимча маълумотларни йиғиш аризачиларни текшириш ва улар шахсини тасдиқлашдаги жараёнларимизни такомиллаштиради», — дея қайд этди Давлат департаменти вакили.

Аризада аризачи ижтимоий тармоқлардан фойдаланмаслигини кўрсатувчи банд мавжуд, бироқ бу нотўғри бўлиб чиқса, «жиддий иммиграцион оқибатларни» келтириб чиқариши мумкин.

Давлат департаменти вакилининг маълум қилишича, ушбу чоралар «террористлар, жамоат хавфсизлигига таҳдидлар ва бошқа хавфли шахсларни аниқлаш» ҳамда уларни мамлакатга киритмасликка қаратилган.