Хотамжон Кетмонов Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгаши раиси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари лавозимларини тарк этди. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар қилди.

Хотамжон Кетмонов (1969 й. т.) — Андижон давлат педагогика институтини рус тили ва адабиёти ўқитувчиси мутахассислигини тамомлаган. У 2013 йилда ХДП раиси бўлган. 2014 йилда Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган. 2015 йил январдан ХДП фракнцияси раҳбари ва Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари бўлган.

2016 йилда Ўзбекистон президентлигига номзодлардан бири эди.

Улуғбек Иноятов.

1 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари пленумда 2018 йил июнидан Наманган давлат университети ректори, унгача — 2013−2018 йилларда халқ таълими вазири лавозимида фаолият кўрсатган Улуғбек Илёсович Иноятов партиянинг янги етакчилигига сайланди.

Май ойида Ўзбекистондаги бошқа партия — «Миллий тикланиш» етакчиси ҳам ўзгарган эди. Сарвар Отамуродов ўрнига Алишер Қодиров раис лавозимини эгаллади.

Декабрда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий халқ депутатлари кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади.