31 май куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатга илк бор амалий ташриф билан келган Европа кенгаши президенти Дональд Тускни қабул қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди. Жорий йилда Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 25 йил тўлади.

Учрашувда асосий эътибор иқтисодиёт, савдо, инновация ва инвестициялар, транспорт, фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларига қаратилди.

Мамлакатда иқтисодиётни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар Европа бизнесининг етакчи вакиллари юртимизда янада кенг фаолият юритишлари, Ўзбекистонга энг янги технологиялар, илғор тажриба ва юксак стандартларни фаол жалб қилиш учун имкониятлар очаётгани алоҳида таъкидланди.

Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига мувофиқ минтақада ўзаро ҳамкорликни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Европа кенгаши президенти Ўзбекистоннинг Орол денгизи ҳавзасидаги экологик ҳалокатнинг салбий оқибатларини бартараф этиш борасидаги амалий саъй-ҳаракатларига юксак баҳо берди, Оролбўйи минтақаси учун кўп шериклик асосидаги траст фонди доирасида фаол ҳамкорлик қилишга тайёр эканини билдирди.

Шунингдек, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик бошқа долзарб масалалар, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида бутун минтақа барқарорлиги ва изчил тараққиётини таъминлаш йўлида кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш борасида томонларнинг интилиши қатъий экани таъкидланди.

«Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёев минтақада ҳамкорликни яхшилашда катта рол ўйнамоқда», — деб ёзди Туск ўзининг Twitter-саҳифасида учрашувдан сўнг.

Европа кенгаши раҳбари 29 май-2 июнь кунлари Марказий Осиё бўйлаб сафар қилмоқда. 30 май куни у Тожикистонга, 31 май куни эса Қозоғистонга ташриф буюрди. Сафарнинг қолган қисми Ўзбекистонда бўлиб ўтади.