Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 1 июнь куни Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳрига ташриф буюриб, янги темир йўл вокзали билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Вокзалда бир вақтнинг ўзида 100 йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти мавжуд. Кутиш зали, она ва бола хонаси, тиббий пункт, овқатланиш ва савдо шахобчаларида барча шароит яратилган.

Президент вокзалда йўловчи ва хизматчилар учун яратилган қулайликларни кўздан кечирди. Шу ерда Тошкент вилоятида туризм, энергетика, кимё, металлургия соҳаларидаги истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Президент «Чорвоқ» эркин туристик зонасида халқаро дам олиш масканлари, Белдирсой, Чимён ва Нанай ҳудудларида Франция компаниялари консорциуми иштирокида тоғ-чанғи курорти барпо этиш лойиҳаларига алоҳида аҳамият қаратди.