2019 йил 29 май куни «Тошкент вилоятида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқаришнинг сифат жиҳатдан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда «Ҳуқуқий ахборот» канали орқали хабар берилди.

Қарорга мувофиқ, 2019 йил 20 июндан бошлаб Тошкент вилояти ички ишлар органлари куч ва воситаларини бошқариш тизими эксперимент тариқасида жорий этилади.

Қарор билан, Тошкент вилояти Ички ишлар бошқармаси Ички ишлар бош бошқармаси этиб қайта ташкил этилди.

Минтақалар ички ишлар органлари фаолиятини кундалик назорат қилиш ва мувофиқлаштиришни ташкил этиш Бош бошқарма бошлиғининг вакиллари томонидан амалга оширилади.

Шунга кўра, минтақавий ҳудудлар раҳбарларининг фаолиятини таъминлаш учун штаб сифатида минтақавий мувофиқлаштириш марказлари ташкил этилади.

Бош бошқарма бошлиғи ва минтақавий ҳудудлар раҳбарлари томонидан жойларда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги муаммолар, шунингдек ушбу фаолиятнинг самарадорлигини ошириш бўйича тақдим этиладиган таклифлар Тошкент вилояти ҳокими томонидан ҳар ойда кўриб чиқилади.

Бош бошқарма ҳар чоракда фаолиятининг самарадорлигини рейтинг тизимида баҳолайди. Минтақавий мувофиқлаштириш марказлари эса криминоген вазиятнинг таҳлили асосида ҳар чоракда батафсил «йўл харита"ларини ишлаб чиқади.

Қарорга мувовиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар органларининг патруль-пост ва йўл-патруль хизматлари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларининг сержантлар таркиби лавозимига ушбу бўлинмаларнинг олий маълумотга эга бўлмаган амалдаги ходимлари ўрнига 2021 йил 1 декабргача босқичма-босқич тайинлашни назарда тутган ҳолда фақат олий маълумотга эга ёки сиртқи шаклда ўқиётган шахслар билан жамланади.

Қарор билан бошқарувда катта амалий иш тажрибасига ҳамда соҳада обрў ва ҳурматга эга бўлган ички ишлар органларининг пенсионерлари орасидан жамоатчилик асосида жамланадиган Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ишчи ишлар бош бошқармалари бошлиқларининг маслаҳатчилари лавозими киритилди ҳамда уларга тўланаётган пенсиясининг 50 фоизи миқдорида ойлик устама ҳақ белгиланди.

2019 йил 1 декабргача Бош бошқарма фаолиятида содир этилган жиноят ва ҳодисалар ҳақидаги хабарларни қабул қилиш ва рўйхатга олишнинг «102» автоматлаштирилган маълумотлар тизими жорий этилади.

2022 йил 1 январгача минтақалар ҳудудларида тўлиқ мото ва автопатруллик қилишга ўтиш мақсадида Тошкент вилояти ички ишлар органлари патруль-пост хизмати скутер ва енгил транспорт воситалари билан таъминланади.