Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг очиқ суд мажлисида, судланувчи М.Ҳ.га нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга нисбатан тегишли ҳукм ва жазо тайинланди.

Иш ҳолатига кўра судланувчи М.Ҳ. қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, таркибида психиатроп моддалар бўлган кўп миқдордаги «Налбуфин гидрохлорид, Рубуфин» психотроп моддасини ўтказиш жиноятини содир қилган.

У 2019 йил 26 февраль куни соат 11:00 ларда қасддан жиноят содир этиш йўлига ўтиб, Бухоро туман ИИБ ЖҚБ ходимлари томонидан назорат тариқасида гиёҳвандлик воситалари сотиб олиш мақсадида юборилган Бухоро шаҳар Алпомиш кўчаси 13/8-уй 28-хонада яшовчи фуқаро Қ.Б.га Бухоро тумани Шергирон МФЙ «Чорбакр» қишлоғида жойлашган ошхонада жами 3 880 000 сўм эвазига таркибида психотроп моддалари бўлган умумий оғирлиги 0.28 граммга тенг бўлган жами 28 та ампула кўринишидаги «Налбуфин гидрохлорид, Рубуфин» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф ўтказганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Суд мажлисида судланувчи М.Ҳ.га жазо тайинлаш масаласини мухокама қилиб, у томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражасини, унинг шахсини, ижтимоий аҳволи ва оилавий шароитини, ёшлигини, муқаддам судланмаганлигини, отаси 2-гуруҳ ногирони эканлигини, оилада ягона боқувчилигини, яшаш жойидан ижобий тавсифланишини, айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалигини, жиноят содир этиш вақтида кўзлаган мотив ва мақсад, айб шакли ва даражасини, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атворини, жиноятни содир этиш сабаблари ва бунга олиб келган шарт-шароитни, унинг бир неча йилдан буён ишлаб келаётганлигини, жазони оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларни инобатга олиб, М.Ҳ.га Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.