Наманганда ўқишга киритишни ваъда қилиб 2000 доллар олган шахс суд қаршисида жавоб беришга мажбур бўлди. Бу ҳақда жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди Суд амалиётини таҳлил қилиш бўлими бошлиғи Акрамжон Арипов «Газета.uz"га маълум қилди.

Олий таълим даргоҳига ўқишга киришга бел боғлаган қизи учун яхши «танк» топишни ўйлаб юрган Н.Қ. гўё мақсадига етди. Қўшниси Э.У. ўзи билан Олий таълим масканида ўқитувчи бўлиб ишлайдиган А.Ғ. деган кимсага «атаганини» берса иши осонгина ҳал бўлишини айтиб қолди.

Н. гўй қизи ўқишга кириб бўлгандек қувониб кетди. Йиллар бўйи йиғиб-тергани 2 000 АҚШ долларини қўшниси билан келган «домла"га бериб юборди.

Осмондан тушгандай келиб қолган даромад шайтонни қитиқларкан. Ҳатто энг ҳалол одам ҳам бир марта тотдими, яна шундай осонгина топсам-а, дейдиган бўлиб қоларкан. А.Ғ.да ҳам шундай бўлди чоғи, таниши Э.У. ўғлини ДХХга ишга жойлаш ҳаракатида юргани ёдига тушиб қолди.

— Олий таълим вазирлигига ишга ўтдим, — деди Э. Усановга. — Тошкентда зўр танишлар бор. Озгина ғайрат қилсанг, ўзим гаплашаман ўғлингни ишини, бунақа чўзиб юравермайди.

1 500 АҚШ доллари ўз-ўзидан яна чўнтакка тушди. Муддат ўтар, табиийки, ҳар икки «мижоз» жавоб кутишарди. Бора-бора А.Ғ. билан сўзлашиш тугул учрашиб мумкин бўлмай қолди. Жабрдийдалар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига мурожаат қилишдан ўзга чора топа олишмади.

Қонун унинг қилмишини ҳар жиҳатдан ўрганиб чиқиб, ўзлаштирган пора тариқасидаги маблағларини давлат фойдасига ундириш билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосига тортди.