Оролбўйи ҳудудида Япониянинг OYO корпорацияси билан ҳамкорликда маҳаллий хомашёдан чўл ўсимликларини етиштириш учун инкубатор-блокларни тайёрлаш илғор технологияси жорий этилишига келишилди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати «Газета.uz"га хабар қилди.

25 май куни Корпорация вакиллари Казухиро Азами ва Сунао Обояшининг Қорақалпоғистонга ташрифи чоғида Халқаро Оролбўйи инновация маркази, OYO корпорацияси ва Ўзбекистон Ўрмон хўжалиги илмий-тадқиқот институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди.

Блок-инкубаторларни тайёрлаш бўйича ишлар «Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш участкасида бошланди. Казухиро Азами ва Сунао Обояши иштирокида 25 майдан 2 июнгача бўлган даврда ёпиқ илдизли тизимда саксовул етиштириш технологияси бўйича 3000 дона блок-инкубаторлар тайёрланиши кўзда тутилган бўлиб, кейинчалик блок-инкубаторларда етиштирилган саксовул кўчатлари Орол денгизи қуриган тубининг муайян участкаларига экилади.


OYO корпорацияси вакиллари Халқаро Оролбўйи инновация маркази қошидаги «Мўйноқ» илмий-ишлаб чиқариш участкасининг фаолияти билан танишди. Казухиро Азами ва Сунао Обояши жорий йилнинг 2 июнига қадар блок-инкубаторларни жойлаштириш бўйича илмий тажрибалар ўтказиладиган майдонларни ўрганиб, OYO корпорацияси томонидан амалга оширилган, саноатлаштириш ва қишлоқ хўжалигини ривожлантириш туфайли содир бўлган ижтимоий ва экологик муаммоларга қаратилган лойиҳлардан олинган хулосалар асосида амалий-консультатив ишларни олиб бормоқда.


Қуриб қолган Орол денгизи тубига сафарга чиққан япониялик мутахассислар блок-инкубаторларда етиштирилган ниҳолларнинг у ерга экиш имкониятларини ўрганиб, дастлабки хулосаларини тақдим этди. Натижада тажриба тариқасида чўл ўсимликлари турларини қайта экиш учун майдонлар аниқланди. Корпорация вакиллари Халқаро Оролбўйи инновация марказининг Нукус ва Мўйноқ филиалларида ўз ишларини давом эттирмоқда.


Маълумот учун, OYO экологик талофатлар, табиий офатлар туфайли ер юзи ва ер остида рўй берган салбий ўзгаришларни ўрганиш, баҳолаш ҳамда бартараф этиш бўйича фаолият олиб борувчи йирик корпорация бўлиб, геологик тадқиқотларга асосланган лойиҳалари самарадорлиги билан алоҳида ажралиб туради.