Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари 30 май куни Урганчда бўлиб ўтган қўшма комиссия йиғилиши доирасида таълим, малака ва илмий даражаларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимни имзолади. Бу ҳақда Россия Фан ва олий таълим вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжатга Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифати устидан назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбоев ҳамда Россия фан ва олий таълим вазири ўринбосари Григорий Трубников имзо чекди.

Келишув таълим ва фан соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистон ва Россияда олинган таълим ва малака, илмий даражаларни ўзаро тан олинишини таъминлаш, шунингдек икки давлат таълим ва илмий муассасаларининг ўзаро алоқаларини фаоллаштиришга қаратилган.

Ҳужжат Россия ва Ўзбекистон ОТМлари битирувчиларига ҳар икки давлатнинг бирида таълимни давом эттириш ва ишлашга имкон яратади.

«Айни вақтда Россия ОТМларининг Ўзбекистондаги филиалларида таълим олган талабалар дипломларни тан олиш бўйича узоқ жараёнлардан ўтишга мажбур бўлмоқда. Шунинг учун келишувнинг имзоланиши — жуда муҳим қадам, алоқаларимиздаги ютуқлардан биридир. Ишонаманки, ОТМлар ўртасидаги алмашинув, Ўзбекистондаги филиалларимизда таълим олувчилар сони ортади, ўзбек университетлари Россия университетлари тадқиқотларида янада фаол иштирок этади», — деди Григорий Трубников.