31 март куни эрталаб Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида қуролдан фойдаланиш ҳолати содир бўлди. Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди, дея хабар қилди АКИpress агентлиги Қирғизистон Давлат чегара хизмати маълумотига таянган ҳолда.

Маълумотларга кўра, жума куни Ўш вилояти Аравон тумани Тоғуз Булақ ҳудудида чегара яқинида Ўзбекистон давлат рақамидаги икки автомобиль аниқланган. Автомобиллар чегарачилар талабларига бўйсунмаган.

Чегара наряди ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узган, бироқ автомобиллар ҳаракатда давом этган ва Қирғизистон чегарачилари «автотранспорт ғилдиракларига ўқ узган», натижада бир нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди, дейилади хабарда.

Жароҳат олган шахс Андижон вилояти Марҳамат туман шифохонасига ётқизилган.

«Мазкур ҳодиса юзасидан зудлик билан Қирғизистон Республикаси Давлат чегара хизмати раиси Ўзбекистон Республикаси ДХХ раиси ўринбосари — ДХХ чегара қўшинлари қўмондони билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат жараёнида чегара маҳкамалари биргаликда ўрганиш учун ҳодиса жойига чегара вакилларини юбориш тўғрисида қарор қабул қилди», — дейилади хабарда.

Вазиятга ойдинлик киритиш учун Қирғизистоннинг Ўш вилояти бўйича чегара вакиллари Ўзбекистон ДХХнинг Булоқбоши йўналишидаги чегара қўшинлари вакиллари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон ДХХ давлат чегараларини қўриқлаш қўмитаси ҳодиса бўйича изоҳ бермади.