Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидаги 159 нафар фуқаро, асосан болалар ва аёлларнинг Ватанга қайтарилиши юзасидан баёнот берди.

«Ушбу гуманитар амалиёт инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди. Хорижий жангари-террористларлар билан алоқадор ҳамда терроризм қурбонлари бўлиши мумкин бўлган аёллар ва болаларга ёрдам кўрсатиш муҳимлиги БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2396-резолюцияси билан тасдиқланган», — дейилади баёнотда.

«Оғир ҳаётий даврни бошдан ўтказиб, Ватанга қайтган ҳамюртларимизга Ўзбекистон ҳукумати реабилитация ва жамиятга қайта мослашишлари учун ҳар томонлама ёрдам кўрсатади. Уларнинг тиббий ёрдам ва психосоциал кўмакдан фойдаланишлари, таълим ва бошқа ижтимоий дастурларда иштирок этишлари таъминланади. Қутқарилган ватандошларимизнинг тинч ҳаётга қайтишлари учун, хусусан уларни тегишли бошпана ва иш ўрни билан таъминлаш борасида зарур шароитлар яратилади», — дея қайд этилди баёнотда.

Барча мусулмонлар учун муқаддас бўлган Рамазон ойида фуқароларимизни қутқариш бўйича муваффақиятли амалга оширилган гуманитар миссия Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, махсус хизматлари ва бошқа идораларининг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари самарасидир. Қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, жумладан Халқаро Қизил хоч қўмитаси ва ЮНИСEФ томонидан муҳим кўмак кўрсатилди. Ўзбекистон томони мазкур тадбирда иштирок этган барча ҳамкорларига фуқароларимизнинг Ватанга эсон-омон қайтаришда кўрсатган ёрдами учун миннатдорчилик изҳор этади", — дея қайд этди ТИВ.

«Турли сабабларга кўра бегона юртларда оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларимизга уларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида эканликларини, давлат уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун барча чораларни қўллашини маълум қилишни муҳим деб ҳисоблаймиз», — дейилади баёнотда.