27 май куни Россиянинг Ленинград вилояти Приозера туманида қурилиш ҳавозалари қулаб кетиши оқибатида 7 киши, жумладан 5 нафар Ўзбекистон фуқароси жароҳатланди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консулхонаси маълумотларига таянган ҳолда.

Хасанов Ғанишер Ташмаматович (1987 йилда туғилган) ва Қосимов Сами Ҳамидович (1970) Ленинград вилояти клиник касалхонасига махсус вертолётда етказилган. Шамаматов Фазлиддин Мирзараимович (1992) ҳам шу касалхонага жойлаштирилган. Абдурахманов Мансур (1983) Всеволжск туманлараро клиник касалхонасига ётқизилган.

Ленинград вилояти Приозера Тергов бўлими маълумотларига кўра, жабрланганлар — «Игорь Драйв» автодромида асосий трибуна каркаси қурилишида иштирок этаётган ишчилар. Ҳавозалар устига осилган темир-бетон соябон улар устига қулаб тушган.

Мазкур ҳолат юзасидан Россия Жиноят кодексининг тегишли моддаларида кўзда тутилган жиноят аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Бош консулхона Ленинград вилоятининг тегишли органлари билан алоқа ўрнатган ҳамда мазкур вазиятни ўз назоратига олган.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти эслатиб ўтадики, Россиянинг Шимоли-ғарбий федерал округи (Архангелск вилояти, Калининград вилояти, Карелия Республикаси, Коми Республикаси, Ленинград вилояти, Мурманск вилояти, Ненетс автоном округи, Новгород вилояти, Псков вилояти, Санкт-Петербург шаҳри, Вологода вилояти) ҳудудида жойлашган фуқароларимиз зарур вазиятларда мамлакатимизнинг Санкт-Петербург шаҳридаги Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақами орқали мурожаат қилишлари мумкин: +7−965−029−41−49.