Германия федерал президенти Франк-Вальтер Штайнмайер мамлакатга расмий ташрифи доирасида 28 май куни Гёте институтида маданият ва таълим соҳаларидаги ҳамкорлик лойиҳалари билан танишди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Учрашувда Германия президентининг турмуш ўртоғи, Берлиндаги Баухаус архиви ва Дизайн музейи бошқаруви аъзоси Эльке Бюденбендер ҳам иштирок этди.

Веймар университети ходими Йенс Йордан ва икки нафар ўзбекистонлик ёш меъморий ёдгорликлар реставратори биноларни консервациялаш, ёдгорликларни ҳимоя қилиш бўйича Ўзбекистон-Германия магистрлик дастури ва «Тошкент меъморий ёдгорликлари топографиясини ўрганиш» лойиҳасини таништирди.

Volkswagen жамғармаси молиялаштираётган лойиҳа Тошкент қурилиш жамғармаси мисолида маданиятшунослик соҳасида услуб ва компетенцияларни етказиб беришга бағишланган. Лойиҳа иштирокчилари профессор Ханс-Рудольф Майер (Веймар), профессор Томас Вилл (Дрезден), Йенс Йордан (Веймар / Дрезден) ва ўзбек олимлари кенгаши бошчилиги остида иш олиб боради.

Ўзига хос бинолар ҳолати, уларнинг тарихи акс эттирилган, иншоотларни ҳимоя қилиш учун асосларни ва фотосуратларни ўз ичига олган мақолалар дастур асосини ташкил этади.

Германия президентига Эски шаҳар ҳудудида сақланиб қолган ёдгорликлар тўғрисидаги китобнинг дастлабки талқини, Тошкент архитектураси ва тузилиши ҳақидаги материаллар тақдим этилди.