2019 йил 29 май куни соат 19.00ларда Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида яшовчи 28 ёшли Д.А. бошқарувидаги «Исузу» русумли автобусни Оқдарё тумани Мустақиллик МФЙ ҳудудидан ўтувчи «Самарқанд-Бухоро» йўлининг 12-км.да бошқариб кетаётган вақтида автобусда ёнғин содир бўлган. Бу ҳақда ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси хабар берди.

Кўрилган чоралар натижасида ёнғин ўчирилган. Жароҳат олганлар йўқ. Ёнғин автобуснинг электр симлари қисқа туташуви оқибатида келиб чиққанлиги аниқланган. Келтирилган моддий зарар миқдори аниқланмоқда. Суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўз навбатида Zarnews.uz сайти Оқдарё туман ички ишлар бўлими бошлиғи Б.Ибрагимов билан ҳолат юзасидан боғланганида, масъул шахс қуйидагиларни маълум қилди:

Жорий йилнинг 29 май куни соат 19:00 да Оқдарё тумани Мустақиллик маҳалласи ҳудудидан ўтувчи мазкур автомобиль йўлида «Siyovush-trans-servis» масъулияти чекланган жамияти ҳайдовчиси, 1991 йилда туғилган, Пайариқ туманининг Деварак қишлоғида яшовчи Д.А бошқарувида бўлган «Isuzu» русумли, 30749 YAA давлат рақам белгили автобусда ёнғин содир бўлган.

Аниқланишича, Самарқанд тумани Оҳалиқ маҳалласи ҳудудида жойлашган боғдорчилик ва фермер хўжаликларида ёлланма ишчи сифатида ишловчи 14 нафар фуқароларни яшаш уйлари, яъни Оқдарё тумани Янгиобод маҳалласига олиб келаётган вақтида автобуснинг аккумляторидан двигателига борувчи электр симлари қисқа туташувидан ёнғин келиб чиққан.

Оқибатда, автобуснинг ички салони ва барча резина шиналари қисман ёниб, зарар кўрган.

Воқеа жойига Пайариқ тумани 8-сонли КЁХҚ ва Самарқанд шаҳар 6-сонли ҲЁХҚ ларнинг иккита экипажлари ўт учирувчилари чиқиб, ёнғинни бартараф қилган.

Автобусда бўлган 14 нафар йўловчиларнинг ҳеч бири тан жароҳати олмаган ва ҳайдовчи томонидан бошқа йўловчи автомашиналарда манзилларига жўнатилган.

Ҳайдовчи Д.А.нинг ҳайдовчилик гувоҳномаси, талони, транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси, суғурта полиси ва йўл варақаси ёнғин натижасида ёниб кетган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан Оқдарё тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.