«Ўзавтосаноат» компанияси ва Volkswagen Group Rus Ўзбекистонда Volkswagen билан ҳамкорликда автомобилларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш тўғрисидаги битимни имзолади, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ҳужжат («Газета.uz» таҳририятида мавжуд) «Ўзавтосаноат» майдонларида немисларнинг Volkswagen маҳсулотларини ўзлаштириш бўйича дастлабки музокараларни расмийлаштиришни кўзда тутади.

Томонлар яқин вақтларда «Ўзавтосаноат» компаниясининг техник имкониятларини ўрганиш, логистика ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва даражасини батафсил ўрганишга келишиб олди.

Лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ, дея топилса, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 40 млн еврогача миқдорда сармоя киритилади. Лойиҳани 2019−2021 йилларда амалга ошириш режалаштирилмоқда. Янада аниқ ҳисоб-китоблар техник-иқтисодий асослар тайёрланганидан сўнг кўзга ташланади.

Айни вақтда «Ўзавтосаноат» Volkswagen Group Rus кўмагида лойиҳанинг бизнес режасини ишлаб чиқмоқда.

2017 йилнинг ноябрида JV MAN Auto-Uzbekistan Ўзбекистон-Германия қўшма корхонасида Volkswagen Amarok пикапларини ишлаб чиқариш бошланиши тўғрисида хабар қилинган эди, бироқ лойиҳа тўхтатилган эди.